Чортоқ туманида "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари юқори савияда ташкил этилди
2025-05-24 09:10:00 / Янгиликлар
Бу йил Чортоқ туманида 2800 нафар ўқувчи ёшлар умумтаълим мактабларини битирмоқда. Уларнинг 286 нафари муддатидан аввал олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлса, 45 нафарига олтин, 8 нафарига кумуш медаллар бериш тавсия этилди.
5-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ташкилланган тадбир давлат мадҳияси билан бошланди. Президентимизнинг мактаб битирувчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.
Туман ҳокими Илҳомжон Саттаров юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди. Битирувчиларни қизғин табриклаб, оқ йўл тилади. Мазкур билим даргоҳининг собиқ ўқувчиси сифатида устозларга миннатдорлик билдирди.
Тақдирлаш маросими бир гуруҳ илғор устозлар ва битирувчиларга қувонч онларини ҳадя этди.
Ушбу таълим даргоҳини бу йил 105 нафар ўқувчи битирмоқда. Уларнинг 105 нафари муддатидан олдин талаба бўлди. 10 нафари нуфузли олий таълим муассасалари грантига сазовор бўлди.






