БОШОҚЛИ ДОН ЭКИНЛАРИНИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ ВА УЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР.
2025-04-22 10:00:00 / Янгиликлар
БОШОҚЛИ ДОН ЭКИНЛАРИНИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ ВА УЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР.
Республикамиз ғаллазорларида 50 турдан ортиқ зараркунанда ҳашаротларни зарар етказиши кузатилган. Булардан энг кўп тарқалгани ғалла ширалари, буғдой трипси, зарарли хасва, шилимшиқ қурт, визилдоқ қўнғиз, швед ва Гэссен пашшалари ва бошқа ҳашаротлар тарқалиб, ҳосилга зарар етказиши мумкин. Бундай ҳолатда – инсектисид препаратларни қўллаш зараркунандаларга қарши курашишнинг энг яхши усулидир.
Зарарли хасва – Ғалла найчалаш даврида зарарланган поя бошоқ чиқармайди ёки бутунлай оқ бошоқ (яъни пуч) бўлиб қолади. Пишмаган бошоқ зарарланиши натижасида дон таркибидаги оқсил ва клейковина миқдори камайиб кетади. Йилига 1 марта авлод беради. Зарарли хасва таъсирида 5-50% ҳосил йўқотилади, уруғлик доннинг униб чиқиши 50% гача камаяди. Зарарли хасвага қарши ўсимликнинг ўсув даврида 1 м2 (квадрат метр) да 2-3 дона қишловдан чиққан хасва ёки 7-8 дона янги авлод личинкаси топилганда кимёвий ишловлар ўтказиб курашилади.
Шилимшиққурт (пявитса) - зараркунанда ўсимлик баргига зарар етказади, шилимшиқ қурт личинкаси кучли зарарлаганда 50% гача ҳосилни камайтириши мумкин. Шилимшиқ қурт йилига 1 марта авлод беради. Бу ҳол айниқса қурғоқчилик йилларида яққол сезилади. Зараркунандага қарши 1 м2 (квадрат метр)да 20-30 дона қўнғиз ёки 100 та пояда 50 дона личинка топилганда инсектисид қўлланилади.
Ғалла ширалари. Ширалар ўсимликнинг яшил ва юмшоқ қисмида шарбатини сўриб озиқланади. Натижада ўсимлик сарғайиб, қуриб қолади. Кучли зарарланганда ғалла бошоқ тортмайди. Мавсум давомида ширалар 10-12 авлод беради. Ширалар таъсирида 5-15% ҳосил йўқотилади. Шираларга қарши ғалла ниҳолининг 15% поялари ширалар колонияси (тўдаси) билан қопланганда кимёвий ишловлар ўтказилади. Ҳар гектар майдонга 1000-2000 тадан олтинкўз тухумлари тарқатиб биологик усулда ишловлар амалга оширилади.
Буғдой трипси. Трипс личинкалари бошоқ қобиғи ичига кириб, қобиқ ва гул ширасини, кейинчалик эса дон ширасини сўриб озиқланади. Йилига 1 та авлод беради. Трипслар таъсирида 30-35% ҳосил йўқотилади. Буғдой трипсига қарши бир ўсимликда 10 донадан кўп трипс топилганда кимёвий ишлов ўтказиб курашилади.
Зарарли хасва ва бошқа зараркунандаларга қарши – Лямбда-тсигалотрин асосли препаратлардан гектарига 0,07-0,1 литр, Имидаклоприд асосли препаратлардан гектарига 0,1 литр сарф меъёрида ишлатиш тавсия этилади.
ОВХ ва штангали пуркагич билан 1 гектар майдонга 0,1 литр препарат сарфи ҳисобида 600 литр сувга 0,2 литр миқдорида препарат қўшиб, 2 гектар майдонга қўллаш мақсадга мувофиқ.
Моторли қўл пуркагичи билан сепишда 10 литр сувга 2,5 мл ҳисобида қўшиб, 2,5 сотих майдонга қўллаш лозим.
Бундан ташқари, давлат рўйхатига олинган, Лямбдацигалотрин, Имидаклоприд, Ацетамиприд, Алфа-сиперметрин, Делтаметрин, Циперметрин асосли кимёвий препаратлардан бирини тавсия этилган меъёрда қўллаш мумкин.
Вилоят ўсимликлар карантини ва химояси бошқармаси Чортоқ туман бўлими инспектори: Шерзод Юсупов





