Лой кўчалар тарихга айланди
2025-04-10 16:00:00 / Янгиликлар
Бугун Чортоқ туманидаги "Қорамурт" маҳалласининг бирдамлиги обод манзилларда намоён бўлмоқда. Нега дейсизми?
Маҳалла раиси бошчилигидаги ҳамжиҳат аҳоли бир елкадан бош чиқариб, "Ташаббусли бюджет" лойиҳасида қатнашишди ва кўчаларни асфальтлашга йўналтирилган 1 млрд 174 млн сўм маблағни ютиб олишди.
Эндиликда маҳалладаги 3.7 км кўчалар асфальт бўлади.
Қувонарлиси, мазкур маҳалла аввал ҳам лойиҳада ғолиб бўлган ва маҳалладаги мавжуд 19 та кўчанинг 15 таси тўлиқ асфальтланди.
– Кўнглимда шукроналик ҳисси жўш уриб кетмоқда, - дейди шу маҳалладаги хонадонларнинг бирида яшовчи фуқаро Рустамжон Ҳакимжанов.
– Йўлларимиз тўлиқ асфальтланди. Илгарилари ёғин-сочинли кунларда юришга ниҳоятда қийналар эдик. Мавжуд муаммоларимизга босқичма-босқич ечим топилаётганидан беҳад хурсандмиз. Энди текис ва равон йўллардан бемалол юрамиз. Мактабга борадиган фарзандларимизнинг кийимларига ҳам лой тегмайдиган бўлди.










