Чортоқ туманида бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда
2026-06-03 14:20:00 / Янгиликлар
Чортоқ туманида бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда
Чортоқ туманида аҳоли учун қулай ва замонавий инфратузилмани шакллантириш, ҳудуднинг меъморий қиёфасини янада яхшилашга қаратилган бунёдкорлик ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Хусусан, туман марказида жойлашган Фурқат номли маданият ва истироҳат боғида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Лойиҳа доирасида боғ ҳудуди тубдан янгиланиб, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилмоқда, ҳудуднинг кўриниши янги архитектуравий ечимлар асосида қайта шакллантирилмоқда.
Бу эса аҳолининг мазмунли дам олиши учун янада кенг имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, Чортоқ тумани ҳудудидан ўтувчи D–111 автомобиль йўлининг 15–16-километрлар оралиғида жойлашган темир йўл устидан ўтган кўприкни тўлиқ реконструкция қилиш ишлари ҳам давом этмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, мазкур ҳудудда барча техник меъёрлар ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, замонавий муҳандислик ечимлари асосида қурилган 4 тасмали янги кўприк барпо этилади.
Айни вақтда қурилиш ишлари белгиланган режа асосида босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Янги кўприк фойдаланишга топширилгач, транспорт ҳаракати хавфсизлиги ва ўтказувчанлик даражаси сезиларли ошиши, аҳоли ва ҳайдовчилар учун янада қулай шароит яратилади.
Чортоқ туманида амалга оширилаётган ана шундай бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш ҳамда туманнинг замонавий қиёфасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.










