Чортоқлик ёш тадбиркорлар қўйчилик соҳасида эришаётган ютуқлар ўрганилди.
2026-05-14 16:25:00 / Янгиликлар
Чортоқлик ёш тадбиркорлар қўйчилик соҳасида эришаётган ютуқлар ўрганилди.
Бугун мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини яратиш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бугунги "Ёшлар куни"да Чортоқ туманининг “Тинчлик” маҳалласида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёшлар хонадонида бўлди.
Хусусан, Отабек Орифжанов хонадонида “Frankil", "Vvalakof” зотга мансуб 10 бош қўй боқилмоқда.
Шунингдек, ёш тадбиркор Шавкат Умаров томонидан “Arashan” зотли қўйлар парвариши йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг сони 100 бошдан ошган.
Эътиборли жиҳати, фаолиятнинг дастлабки босқичида унга имтиёзли кредит асосида 10 бош зотдор қўй олиб берилган. Ёш тадбиркор яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, қисқа вақт ичида наслдор қўйлар сонини бир неча баробарга кўпайтиришга эришди.
“Arashan” зотли қўйларнинг бозор қиймати 100 доллардан 10 минг долларгача баҳоланмоқда. Бу эса мазкур йўналишнинг иқтисодий самарадорлиги юқори эканини кўрсатади.
— Ёшларнинг меҳнат қилиб, тадбиркорлик орқали даромад топиши энг катта ютуқдир. Бугун давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳар бир ёш, албатта, ўз ўрнини топади. Бундай ташаббускор ёшлар бошқаларга ҳам намуна бўлиши керак, — деди вилоят ҳокими.
Шунингдек, ёшларга чорвачиликни янада кенгайтириш, наслдор қўйлар сонини ошириш бўйича тавсиялар берилди.










