Ҳосил тақдири — агротехник тадбирлар сифатига боғлиқ
2026-05-14 12:25:00 / Янгиликлар
Ҳосил тақдири — агротехник тадбирлар сифатига боғлиқ
Айни кунларда қишлоқ хўжалигида энг масъулиятли ва долзарб палла. Соҳа ходимларидан ҳар бир дақиқанинг қадри баланд эканини чуқур англаб, барча агротехник тадбирлар уюшқоқлик ва юқори масъулият билан амалга ошириш талаб этилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Чортоқ туманида бўлиб, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар, шунингдек, ғўза ва ғалла парвариши ишларининг бориши билан танишди.
Ўрганишлар давомида “Айқирон миришкорлари” ММТП ҳудудида жойлашган “Акрамбой Адҳамбой Равшанбой”, “Шоҳсанам Элдорбек Гулсанам” ҳамда “Усмонжон Дилором Дилфуза” фермер хўжаликларидаги ишлар кўздан кечирилди.
Жараёнлар давомида соҳадаги ишларни янада жадаллаштириш, ривожланишдан ортда қолаётган ғўза ниҳолларига жиддий эътибор қаратиш, культивация ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш чораларини кучайтириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида, жорий йилда Чортоқ туманида 981 гектар майдонда пахта ҳамда 1832 гектар майдонда ғалла парвариш қилинмоқда.










