Чортоқ туманида ғалла ўрим комбайнлари мавсумга шай ҳолатга келтирилди
2026-04-26 14:40:00 / Янгиликлар
Чортоқ туманида ғалла ўрим комбайнлари мавсумга шай ҳолатга келтирилди
Чортоқ туманида жорий йилда 1832 гектар майдонда кузги бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда. Ғалла ўрими мавсумига эса оз фурсат қолди.
Етиштирилган ҳосилни нобудгарчиликка йўл қўймасдан, қисқа муддатларда йиғиб олишда ўрим комбайнларининг техник созлиги муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда туманда мавжуд 7 та дон ўриш комбайни "Мучум Кесканёр тех сервис" ММТП базасида жамланиб, техник жиҳатдан мавсумга тўлиқ шай ҳолатга келтирилди.
Тегишли мутахассислардан иборат 7 та ўрим отрядлари шакллантирилди
Бугун ғалла ўрим комбайнлари мавсум олдидан синов ҳайдовидан ўтказилди. Техникалар узоқ масофага юрғизилиб, уларнинг барча техник кўрсаткичлари амалда текширилди.
Ушбу жараён орқали техникаларнинг соз ва узлуксиз ишлашига яна бир бор ишонч ҳосил қилинди.
Туман ҳокими Илҳомжон Саттаров, соҳа вакиллари ҳамда нуронийлар иштирокида техникаларнинг мавсум давомида бехато хизмат қилишини тилаб дуолар қилинди.










