Ёш деҳқонлар меҳнати — юксак даромад ва янги имкониятлар
2026-04-20 12:10:00 / Янгиликлар
Ёш деҳқонлар меҳнати — юксак даромад ва янги имкониятлар
Чортоқ туманида ПҚ–153-сонли қарор ижроси доирасида ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, ёшларга ижара асосида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш орқали уларнинг даромад манбаи яратилаётгани эътиборга молик.
Бугунги кунда "Бир контур — бир маҳсулот" тамойили асосида туманнинг иқлим шароитига мос равишда картошка, пиёз ва сабзи етиштириш йўлга қўйилган. Ерга меҳр билан қараб, агротехник талабларга риоя этган ёшлар эса ўз меҳнатининг самарасини кўрмоқда.
— Ўтган йили ажратилган ер майдонидан унумли фойдаланиб, 30 миллион сўмдан ортиқ даромад олдим, — дейди ёш деҳқон Абдулбосит Муҳаммаджонов. — Бу йил ҳам ишни янада кенгайтириб, баҳорги сабзи етиштирмоқдаман. Энг муҳими, ер унумдор, сув таъминотида муаммо йўқ. Албатта, меҳнат қилган одам ердан ризқ топади.
Дарҳақиқат, бугун Чортоқ тумани ёшлари ер билан "тил топишиб", ўз келажагини ўз қўли билан барпо этмоқда. Уларнинг ташаббуси, интилиши ва меҳнатсеварлиги эса нафақат ўз оиласи, балки бутун ҳудуд иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.










