Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан Чортоқ туманида ўтказиладиган байрам тадбиридаги нутқи
2025-12-05 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, ҳурматли тантана иштирокчилари, азиз меҳмонлар!
Сиз, азизларни бугунги улуғ айём 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 33 йиллиги билан самимий табриклайман. Сизларга, Сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз аҳлига ўзимнинг юксак эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсизлар.
Азиз ҳамюртлар!
Ҳеч шубҳасиз, бу йилги Конституция байрамининг алоҳида руҳи ва шукуҳи борлигини бугун барчамиз чуқур ҳис этиб, англаб турибмиз. Бу, биринчи навбатда, мазкур айёмнинг “Конституция - инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” ҳаётий шиори остида нишонланаётгани, қолаверса, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётган тарихий бир шароитда ўтаётгани билан боғлиқ, десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчиликларида Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш бўйича юксак натижаларни қўлга киритилаётгани, айниқса, 2023 йили умумхалқ референдуми ўтказилиб, конституциянинг 63 фоиздан ортиғи янгиланганлиги, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани, энг асосийси, ватандошларимизнинг онгу-тафаккури, дунё қараши ўзгариб, ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётганимизни алоҳида таъкидлаш зарур.
Янгиланган Конституциямиз нормаларини ҳаётга татбиқ этилиши ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, шу асосда аҳоли даромадларини ошириш, оила ва маҳаллаларда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Ҳурматли дўстлар!
Алоҳида эътироф этиш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг туманимизга қилган ташрифлари, оталарча ғамхўрлик ва яратиб бераётган имкониятлари натижасида, бугун туманимиз кенг қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланди.
Хусусан, туманимизга 2024-2025 йилларда жами 1,1 трлн.сўм маблағ йўналтирилди. Бу бизнинг туманимиз бюджетини қарийб 10 баробарини ташкил қилади.
Биргина Жаҳон банки маблағлари доирасида туманга 40 млн.доллар маблағ ажратилди. Ушбу маблағларни ўзлаштирилиши жараёнида 1,5 минг нафар аҳоли олиб борилган қурилиш ишларига жалб этилди.
Қолаверса, 30 йиллар давомида халқнинг оғир дарди бўлиб келган туман марказидаги истироҳат боғини реконструкция қилиш ишлари бошланди ва бу борадаги ишлар жадал давом этмоқда. Ушбу боғни фойдаланишга топширилиши ҳисобига 340 нафар иш ўринлари яратиб, 12,5 млрд.сўм бюджетга қўшимча манбалар яратилади.
Яна бир эътиборга молик ишлардан бири Арбағиш маҳалласидан туман марказигача бўлган 72,5 км масофадаги ичимлик сув тармоқларини тортиш ишларининг олиб борилишидир. Мазкур лойиҳанинг якунланиши натижасида туман марказидаги аҳолига 24 соатлик узлуксиз ичимлик суви етказиб бериш имконияти яратилади. Бунинг натижасида туманнинг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 65 фоиздан 100 фоизга ўсишга эришилади.
Бу борадаги ишларнинг узвий давоми сифатида туманнинг олис ҳудудидаги қишлоқларга, Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш маблағлари ҳисобидан 9,6 млн.доллар маблағ ажратилиб, 119 км ички йўлларимиз асфальтланди, 179 км ичимлик сув тармоқлари тортилди, 6 та ижтимоий соҳа объектлари таъмирланди. Бунинг ҳисобига 65,3 минг нафар аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшиланишига эришилди.
Янги Ўзбекистон тоифасидаги туман бўйича туманга 70 млрд.сўм маблағ ажратилиб, 12 та лойиҳада қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
“Катта Наманган магистрал” каналининг 2 км қисмини кўнгилочар “Чортоқ туризм дам олиш маскани”га айлантириб, саломатлик йўлаги, 15 та савдо ва 2 та умумий овқатланиш шохобчалари ташкил этилди ва 45 нафар иш ўринлари ва 4,0 млрд.сўм бюджетга қўшимча манбалар яратилди.
Бу борадаги ишлар бугун ҳам жадал давом этмоқда. Хусусан, Чортоқ сой бўйи ўзанини қисқартириш ҳисобига қўшимча 17 гектар ер майдонларини янги ўзлаштирилиб, ушбу ер майдонларига қиймати 60 млн.долларлик жами 32 та лойиҳалар ташкил этилади. Бу орқали эса 700 нафарга яқин ишсизлар бандлиги таъминланиб, 24,0 млрд.сўм бюджетга қўшимча манба яратишга эришилади.
Яъни, 6 та санаторий ва соғломлаштириш марказлари, 20 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, 1 та хусусий мактаб ва 5 та кўп қаватли турар жойлар ташкил этилади.
Шунингдек, туманнинг туризм салоҳиятини янада ошириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Чортоқ сув омбори ҳудудида “Туризм маскани” ташкил этилиб, ҳозирда мастер режаси ишлаб чиқилмоқда.
Сув омбор ҳудудидаги 60 гектар майдонларда кемпинг, вилла, меҳмон уйлари, канат ва бошқа дам олиш масканлари барпо этилади.
Алоҳида туман ва маҳаллаларда аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда ҳар томонлама намунали ҳудудга айлантириш мақсадида 2 та маҳалла танлаб олиниб, ҳар бирига 5 млрд.сўмдан маблағлар ажратилиши доирасида маҳалланинг бош режалари ишлаб чиқилди.
Бу борадаги ишлар кўламини таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, хизмат кўрсатиш каби қатор соҳаларда ҳам узоқ давом эттириш мумкин.
Қадрли ҳамюртлар!
Асосий қонунимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида белгиланганидан келиб чиқиб, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, янги уй-жойлар, тиббиёт, таълим, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, йўл ва коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш биринчи даражали аҳамият касб этади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун янада қулай шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоийлашувини ошириш бўйича ишлар ҳам янги босқичга кўтарилди.
Конституциямиз мамлакатимизда миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ислоҳотларимизнинг ортга қайтмас тус олишини таъминлашда доимо ишончли кафолат бўлиб келган.
Шу маънода, халқимизнинг ҳуқуқий тафаккури, хоҳиш-иродасининг ёрқин тимсоли ва амалий ифодаси бўлган Асосий Қонунимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Конституциямизнинг ҳар бир моддаси ва қоидасини ўрганиш, уларга ҳурмат, меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиб, тўлақонли ижро этиш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Сизларни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Байрам барчага муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!

