"Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
2024-10-24 14:40:00 / Вазирлик янгиликлари
Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли Конвенсиясини (1970-йилда қайта кўриб чиқилган) (Женева, 1970-йил 24-июн) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Конвенсияда меҳнат муносабатларида ходимларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари, шу жумладан, дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш чораларини яна-да кучайтириш каби масалалар назарда тутилмоқда.
Конвенсия барча соҳаларда ишлайдиган ходимларга дам олиш
ва ишлаш қобилиятини қайта тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ҳар иш йили учун бериладиган таътилларни таъминлашга замин яратади.
Қайд этилганидек, шу кунга қадар ушбу Конвенсия 38 та давлат томонидан ратификация қилинган.
Конвенсиянинг қабул қилиниши келгусида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини янада юксалтиришга ҳамда халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини юқори поғоналарга кўтаришга имкон яратади.
Шунингдек, барча соҳаларда ишловчи ходимларнинг дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартларни амалиётга самарали жорий этишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.