"Ижтимоий хизматларнинг камбағалликни қисқартиришдаги ўрни: Барқарор ривожланиш сари йўл"
2024-10-21 16:05:00 / Вазирлик янгиликлари
2024 йилнинг 21 октябрь куни Тошкентдаги “Renessans Hall” мажмуасида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Ижтимоий хизматларнинг камбағалликни қисқартиришдаги ўрни: Барқарор ривожланиш сари йўл" мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда хорижий ҳамкорлар, жумладан, экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари иштирок этди. Давра суҳбатида камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги янги ёндашувлар муҳокама қилинди.
Кайд этилганидек, 2020 йилдан бошлаб камбағаллик билан курашиш мамлакат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Шу йилда “Кўп ўлчовли камбағаллик индекси” стандартлари ва халқаро тажриба ўрганилиб, бу борада Ўзбекистон методи ишлаб чиқилди ҳамда камбағаллик даражасини аниқлашнинг Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш усули жорий этилди.
2022 йилда маҳаллаларда “Ҳоким ёрдамчиси” институти йўлга қўйилди, ҳар бир камбағал оиланинг индивидуал дастури ишлаб чиқилди.. Улар томонидан, 4,8 млн нафар аҳоли доимий ва мавсумий иш жойларига жойлаштирилди. Шунингдек, 260 минг гектар ер 813 минг аҳолига деҳқончилик учун тарқатилди.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 210 мингта микролойиҳаларнинг 134,7 мингтаси ишга туширилиб, 464 мингта иш ўринлари яратилди.
Бундан 4 йил аввал бу катта иш бошланганида, 7,5 миллион ёки 23% аҳоли даромади камбағаллик чегарасига етмасди. Кўрилган чоралар натижасида, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2022 йил бошига 17%, 2024 йилга келиб 11%га тушди. 2030 йилга қадар эса ушбу кўрсаткични кескин қисқартириш режа қилинган.
Шу даврда 3,5 миллион одам даромадли бўлди.
Бундан ташқари камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибаси маҳаллийлаштирилди, икки эҳтиёж – озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш, уч кафолат – сифатли ўрта таълим, тиббий хизматлар ва бошпана билан таъминлаш йўлга қўйилди.
“20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида камбағал аҳолини ишга қабул қилган тадбиркорларга солиқ, божхона имтиёзлари берилди. Бунинг натижасида, 460 минг камбағал аҳоли касбга ўқитилиб, бандлиги таъминланди.
Эндиликда Камбағалликни аниқлаш ҳамда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича иқтисодиётнинг ўзгаришига қараб, янги ёндашувлар жорий этилади.
Биринчидан, 2025 йилда кўп ўлчовли камбағалликни аниқлаш мезонининг янги тизими жорий этилади. Бунда, камбағаллик фақатгина даромад ёки истеъмол билан белгиланмайди, балки, таълим, тиббий хизмат ва бошқа фуқароларнинг кундалик ҳаётига таъсир қиладиган мезонлар қамраб олинади.
Иккинчидан, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилади. Келгуси йили 1 000 та маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга учун 3,2 триллион сўм ажратилади.
Учинчидан, яна 50 минг гектар ер 100 мингта камбағал оилага бўлиб берилади. Жами 6 680 гектар ер майдонида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади. Яна бир Хитой тажрибаси асосида, ердан уч хил даромад оладиган тизим жорий қилинади:
Тўртинчидан, ижобий тажрибага эга 100 та энг самарали микролойиҳалар каталоги яратилади. Саноат кириб бормаган маҳаллаларда 2025 йилда 1 000 та, 2026 йилда 2 000 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.
2025-2026 йилларда йилда 4 122 та маҳаллада салоҳиятли тадбиркорлар, экспортёрлар ва брокерлар билан ҳамкорликда етакчи тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилади.
Бешинчидан, ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасида олий маълумотлилар бўлишига алоҳида эътибор қаратилади.
Бунинг учун фоизсиз таълим кредитлари, грантлар ва бошқа молиявий ёрдамлар орқали қўллаб-қувватланади.