Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бандликни таъминлаш: Янги марралар ва юксак эътироф
2026-08-24 00:30:00 / Пресс-релизлар

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг юксак амалий натижаларини бермоқда. Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллик байрами арафасида Тошкент вилоятида Тадбиркорлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тақдирлаш маросими ҳудудда ишбилармонлик муҳитининг нақадар юқори даражада ривожланиб бораётганини яққол намоён этди.
Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг таҳлил ва маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоятимизда фаолият юритувчи 62 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ҳудуд иқтисодиёти, инвестициявий жозибадорлиги ҳамда янги иш ўринларини яратишда асосий таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар, солиқ ва молиявий имтиёзлар, хусусан, кредит таъминотида гаров талабларининг сезиларли даражада енгиллаштирилиши ҳудудларда тадбиркорлик ташаббусларини янада жадаллаштирмоқда.
Тадбирда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига, жумладан, хотин-қизлар ташаббусларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида "ZIYOTRANS" МЧЖ таъсисчиси Зиёдахон Худойбердиеванинг фаолияти алоҳида эътироф этилди.
“Транспорт соҳасида корхона очиб, нафақат хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, балки ҳудудда жамоат транспорти қатновини яхшилаш ва янги иш ўринларини яратишга ўз ҳиссамизни қўшиб келаётганимиздан фахрланамиз”, — дейди тадбиркор аёл.
Ҳозирги кунда корхонада 200 тагача доимий иш ўрни яратилиб, аҳолимиз бандлиги таъминланди. Шунингдек, транспорт соҳасини ривожлантириш йўналишида жорий йилнинг сентябрь ойида қўшимча 50 та замонавий автобус олиб келиниши, Чирчиқ шаҳрида эса энг илғор технологияларга асосланган замонавий автопаркни ташкил этиш бўйича йирик инвестицион лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Мазкур ташаббуслар ҳудудда аҳолига сифатли транспорт хизматларини кўрсатиш билан бир қатoрда, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш дастурларининг ижросини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳудуддаги барча ташаббускор тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга ва уларнинг фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантиришга доимо тайёрлигини билдиради.
🎥 “Нурафшон ТВ” ва “Ўзбекистон 24” телеканаллари лавҳалари асосида тайёрланди.
https://t.me/nurafshontvrasmiy/18897 https://t.me/uzbekistan24_tvnews
Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Ахборот хизмати
🔻Ахборот каналларимизни кузатиб боринг🔻 Website | Telegram | Facebook | Instagram | Youtube | Bot

