СУРХОНДАРЁДА МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ ЎТКАЗИЛДИ
2026-11-13 12:55:00 / Янгиликлар
СУРХОНДАРЁДА МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ ЎТКАЗИЛДИ
2026-йил 13-ноябр куни Сурхондарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш ва иш берувчиларнинг мавжуд бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада вилоятдаги йирик хусусий сектор вакиллари, жумладан, «ГЛОБАЛ CОТТОН ЯРН» МЧЖ ҳамда бошқа корхона ва ташкилотлар иштирок этди.
Тадбир давомида фуқароларга жами 666 та бўш иш ўрни таклиф этилди. Шундан 210 таси мазкур корхона томонидан тақдим этилди. Жумладан, ип йигирувчи, оператор ва уста ёрдамчиси лавозимлари бўйича 2,5 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача иш ҳақи белгиланган вакансиялар таклиф қилинди.
Меҳнат ярмаркасида 500 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, мавжуд вакансиялар, меҳнат шароитлари ва иш ҳақи миқдорлари билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Фуқароларнинг касби, мутахассислиги ва меҳнат тажрибасидан келиб чиқиб, муносиб иш ўринларига йўналтириш ишлари амалга оширилди. Натижада 36 нафар ишсиз фуқарога ишга жойлашиш учун тегишли йўлланмалар берилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига «ОСОН ИШ» электрон платформаси орқали мустақил равишда иш топиш, шахсий резюме шакллантириш, мавжуд вакансиялар билан танишиш ҳамда ўз билим ва кўникмаларига мос иш ўринларини танлаш тартиби юзасидан амалий тушунтиришлар берилди.
📊 Меҳнат ярмаркаси натижалари
➡️666 та бўш иш ўрни таклиф этилди;
➡️210 та иш ўрни йирик хусусий корхона томонидан тақдим этилди;
➡️500 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди;
➡️36 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди;
«ОСОН ИШ» платформасидан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Мазкур меҳнат ярмаркаси аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни муносиб иш ўринларига йўналтириш ҳамда иш берувчилар ва иш изловчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

