Сурхондарёда ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ишлари таҳлил қилинди
2026-08-18 14:30:00 / Янгиликлар
Сурхондарёда ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ишлари таҳлил қилинди
Бугунги кунда ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш, фуқароларни замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш ҳамда уларнинг барқарор даромад манбаларини яратиш долзарб вазифалардан биридир.
Айни мақсадда Сурхондарё вилоятида фуқароларни ваучер асосида касб-ҳунарга ўқитиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилда вилоятдаги 50 га яқин ўқув марказида 10 минг нафар фуқарони ўқитиш белгиланган. Бугунги кунга қадар мазкур режа 107 фоизга бажарилди.
Келгусидаги вазифалар, мавжуд муаммолар ва тизимда кузатилаётган камчиликларни муҳокама қилиш мақсадида вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасида туман шаҳар бандликка кўмаклашиш бўлими раҳбарлари, масъул ходимлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Унда Бандлик вазирлиги департамент бошлиғи Тоирхўжа Махамадхўжаев иштирок этиб, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар, таълим олган фуқароларнинг келгусида бандлигини таъминлаш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган кўрсаткичларнинг тўлиқ ва сифатли ижросини таъминлаш, фуқароларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва аниқ вазифалар берилди.
#Surxondaryo #Bandlik #KasbHunar #Vaucher #AholiBandligi #KambagallikniQisqartirish
Эслатма: "Меҳнат кодексига шарҳ" Электрон платформаси ишга тушди
➡️ e-kodeks.uz

