ТАСДИҚНОМАСИЗ МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРГАН ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИГА НИСБАТАН ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНМОҚДА
2026-07-28 17:25:00 / Янгиликлар
ТАСДИҚНОМАСИЗ МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРГАН ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИГА НИСБАТАН ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНМОҚДА
🏛 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
➡️ Қонун лойиҳаси билан республика ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олмаган ҳолда меҳнат фаолияти билан шуғулланганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
➡️ Шунингдек, тасдиқномада белгиланмаган меҳнат фаолияти билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик жорий этилиши назарда тутилмоқда.
➡️ Мазкур турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати Давлат меҳнат инспекцияси, ички ишлар органлари ҳамда жиноят ишлари бўйича судларга берилиши бўйича нормалар ҳам қонун лойиҳасига киритилмоқда.
💬 Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасининг айрим нормалари юзасидан саволлар кўтарилди ва қонун ташаббускорларининг фикрлари тингланди. Таъкидланганидек, мазкур нормалар меҳнат муносабатлари соҳасида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
✅ Муҳокамалардан сўнг Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
