Мурожаатлар ўрганилиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди
2026-11-18 16:10:00 / Янгиликлар

Мирзаобод туманининг Наврўз маҳалласида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Унда вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Йўлдошев иштирок этди.
Қабулда имтиёзли кредит олиш, тадбиркорлигини кенгайтириш, ваучер асосида касб-ҳунар ўрганиш каби масалалар билан жами 8 нафар мурожаатчи қатнашди.
Йўлланган мурожаатларнинг 6 таси жойида ҳал этилди.
Жумладан, Маҳлиё Абдуразоқова тикувчилик фаолиятини кенгайтириш учун, Адхам Алимқулов чорвачилик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит олмоқчи эканликларини билдиришди. Мурожаатчилар номидан маҳалла ҳоким ёрдамчиси томонидан шу ернинг ўзида ариза юборилди ва муаммо ижобий ҳал этилди.
Ҳунар ўрганиш истагида бўлган Феруза Аширова, Зебохон Қўшмуродова, Замира ва Жумагул Холбековаларга давлат кўмаги билан бепул ўқишлари учун ваучер олиб берилди.
Муддат талаб этадиган мурожаатларга масъуллар бириктирилиб, ижроси назоратга олинди.









