Расмий_муносабат
2026-08-28 16:04:00 / Янгиликлар

🔍Ижтимоий тармоқда Сирдарё вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчилари номидан уларга KPI тўловлари 7 ойдан буён тўланмаётганлиги бўйича йўлланган жамоавий мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
🔍Жорий йил июнь ойида назорат органи томонидан ҳоким ёрдамчиларига тўланаётган мукофот пулларининг ҳаққонийлиги юзасидан текширув ўтказилиб, бир қатор камчиликлар аниқланган.
🔍Ушбу камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш мақсадида, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан ҳар бир ҳолат батафсил таҳлил қилиниб, ўрганиб чиқилган ҳамда тегишли туман, шаҳар ҳокимларига аниқланган камчиликларни тезда бартараф этиш, ҳоким ёрдамчиларининг самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) бўйича тўловларни ҳаққоний ҳисобланишини назоратга олиш ҳамда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасига тегишли талабномаларни тақдим этиш сўралган (Тартибга асосан, ҳоким ёрдамчилари фаолиятига баҳо бериш бўйича маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар жавобгар бўлиб, ушбу баҳолашда ҳудудий камбағалликни қисқартиш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари иштирок этмайди).
🔍Ўз навбатида, туман, шаҳар ҳокимликлари аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ҳоким ёрдамчиларининг самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) бўйича тўловларни ҳаққоний ҳисобланишини таъминлаш ҳамда келгусида хато ва камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида, тегишли чора-тадбирлар кўрганлиги сабабли, талабномалар вақтинчалик кечикиб тақдим этилди.
🔍Бугунги кун ҳолатига туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган талабномалар (май-июнь ойлари учун) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига юборилган ҳамда маблағ ажратилиши билан тегишли маблағлар ҳоким ёрдамчилари ҳисоб рақамларига молиялаштирилиши таъминланади.
🔍Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тартибга кўра 1-чоракда ҳисобланган мукофот 2-чоракда (апрель, май, июнь ойларида), 2-чоракда ҳисобланган мукофот 3-чоракда (июль, август, сентябрь ойларида) тўланади. Шу сабабли, юқоридаги мурожаатда 7 ойдан буён мукофот тўланмаётганлиги тўғрисидаги эътирозлар асоссиз бўлиб, барча молиялаштириш жараёнлари ҳокимликлар тақдим этган талабномаларга асосан амалга оширилиши таъминланади.
🔍Шунингдек, 2-чорак учун ҳисобланган ва 3-чоракда тўланадиган мукофот пуллари бўйича тегишли маълумотларни ҳаққоний шакллантириш юзасидан туман, шаҳар ҳокимликлар томонидан тегишли ҳисоб-китоблар асосида талабномалар тайёрланмоқда. Сентябрь ойида талабномаларга асосан молиялаштириш тўлиқ амалга оширилади.
