Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув курси
2026-07-17 10:00:00 / Янгиликлар

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув курси
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида ҳудудий раҳбарлар учун 3 кунлик ўқув курси ташкил этилди.
Унда вилоят, туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўқув дастури ҳудудий раҳбарларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, коррупциянинг олдини олиш ҳамда замонавий бошқарув ёндашувларини амалиётга жорий этишга қаратилди.
Дастур давомида қуйидаги мавзулар қамраб олинди:
▫️ натижага йўналтирилган бошқарув, бандлик ва камбағалликни қисқартиришнинг янги ёндашувлари;
▫️ камбағалликни қисқартириш ва бандлик тизимида коррупцияга қарши кураш: ҳалоллик ва адолат мезонлари;
▫️ давлат сиёсати ҳамда қабул қилинаётган қарорларнинг соҳани ривожлантиришдаги аҳамияти;
▫️ камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга оширишда раҳбарларнинг масъулияти.
Мазкур ўқув курси ҳудудларда бошқарув самарадорлигини ошириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ижросини жадаллаштиришга хизмат қилади.
