Хонободлик ёшлар тингланди.
2026-09-10 15:20:00 / Янгиликлар

Маълумки, ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Ёшлар куни» сифатида белгиланган бўлиб, ушбу кунда ташкилот-муассаса раҳбарлари ҳудудларда ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашувлар, очиқ мулоқотлар ҳамда хонадонбай ўрганишлар олиб борадилар.
Бундан асосий мақсад — ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, олдиларида турган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш, шунингдек, қўшимча касб-ҳунар эгаллашларига йўналтириб, амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зафар Икрамов ҳам бугун Наманган туманидаги «Хонобод» маҳалласида бўлиб, ўзига бириктирилган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мулоқот давомида ёшларнинг қизиқишлари, касб-ҳунарга бўлган иштиёқи ҳамда келгусидаги режалари тингланди. Жумладан, бир нафар ёшга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқишида кўмаклашиш таклифи билдирилди.
Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларга эса бугунги кунда яратилаётган имкониятлар, мавжуд имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида батафсил тушунча берилди.
Мулоқот якунида ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг мутолаа маданиятини шакллантириш мақсадида бадиий китоблар тўплами тақдим этилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси




