🔰 Косонсойда томорқадан унумли фойдаланиш — даромадни оширишнинг муҳим омили
2026-08-17 10:50:00 / Янгиликлар

▫️Косонсой туманида аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, биринчи экиндан бўшаган ерларга такрорий экинлар экиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хонадонлар даромадини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш масалаларига бағишланган вилоят семинари ўтказилди.
Семинарда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Н.Худойбердиев, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Турдибоев, туман ҳокими Д.Қодиров, маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
Тадбир тумандаги “Равот” маҳалласининг “Мустақиллик” кўчасидаги хонадонларда ташкил этилди. Унда томорқадан йил давомида самарали фойдаланиш, биринчи экиндан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, шунингдек, хонадонларда чорвачилик, паррандачилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича амалий тажрибалар намойиш этилди.
Хусусан, “Мустақиллик” кўчасида яшовчи Қурбонали Мелибоев хонадонидаги чорвачилик фаолияти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Қурбонали уч йилдан буён чорвачилик билан шуғулланиб келмоқда. Айни пайтда хонадонда 10 бош зотли қорамол, жумладан, Ангус, Симментал, Герефорд ва Лимузин зотлари парваришланмоқда. Чорвачилик оила учун барқарор даромад манбаига айланган.
Шунингдек, маҳаллада биринчи экин ҳосили йиғиб олинганидан сўнг бўшаган ер майдонларига такрорий экинлар экилаётгани кўрсатиб берилди. Бу эса ердан яна бир бор унумли фойдаланиш, қўшимча ҳосил етиштириш ва ортиқча маҳсулотларни сотиш орқали хонадонлар даромадини ошириш имконини бермоқда.
Семинар якунида томорқалардан самарали фойдаланиш, такрорий экинлар экишни кенгайтириш, чорвачилик, паррандачилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш ҳамда илғор тажрибаларни бошқа маҳаллаларда оммалаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.@NamanganBandlik





