Иссиқхонада булғор қалампири етиштириш — даромадли ташаббус
2026-08-17 10:30:00 / Янгиликлар

Чуст тумани Варзик ҳудуди Боло маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Юлдашев Бахтиёржон хонадонида булғор қалампири етиштириш йўлга қўйилиб, яхши натижаларга эришилмоқда.
Хонадонда Эрон Ислом Республикасидан келтирилган «Delux F1» навли булғор қалампирининг 3 200 туп кўчати 10 сотихлик иссиқхона майдонига жорий йилнинг 25 март куни экилган.
10 август ҳолатига кўра, иссиқхонадан 9 маротаба ҳосил йиғиб олиниб, жами 4 500 килограмм маҳсулот етиштирилган. Маҳсулотларни сотиш ҳисобига 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олинган. Айни пайтда булғор қалампирининг бозордаги нархи 1 килограмм учун 25–30 минг сўмни ташкил этмоқда.
Хонадон соҳиби йил якунига қадар 10 тонна ҳосил олишни режалаштирган. Келгусида иссиқхона майдонини кенгайтириш, етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, маҳалла ҳоким ёрдамчиси Достон Тўйчиев тавсияси асосида аҳоли хонадонларига сифатли булғор қалампири кўчатларини етказиб бериш, улар томонидан етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш ва сотувини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Мазкур ташаббус аҳоли хонадонларида даромадли меҳнатни йўлга қўйиш, иссиқхона хўжалигини ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram kanal:@NamanganBandlik





