Рақамлаштириш — коррупциянинг олдини олишнинг муҳим воситаси
2026-08-04 10:05:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасида бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари А. Турдибоев, Меҳнат инспекцияси бошлиғи в.б. З. Умаров, коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассис М. Хомидов ҳамда давлат меҳнат инспекторлари иштирокида «Тизимда коррупциянинг олдини олишда энг асосий масала — рақамлаштириш» мавзусида суҳбат ўтказилди.
Унда тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, иш жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва инсон омилини камайтириш масалалари муҳокама қилиниб, ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ электрон шаклда амалга ошириш бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, давлат меҳнат инспекторларининг фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида ҳар бир инспекторга хизмат планшетлари топширилди.
Бундан ташқари, соҳада манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий хавфларнинг олдини олиш мақсадида барча давлат меҳнат инспекторларининг фаолият ҳудудлари тўлиқ алмаштирилиб, ротация қилинди.
Мазкур ишлар тизимда шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавфларни камайтириш ҳамда давлат меҳнат инспекцияси фаолиятида замонавий ва самарали бошқарув механизмларини жорий этишга хизмат қилади.


