«Долзарб 40 кунлик» — аҳоли фаровонлиги ва бандлигини таъминлаш йўлида
2026-08-10 10:00:00 / Янгиликлар

Давлатобод туманида «Долзарб 40 кунлик» тадбирлари доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда маҳаллаларда мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этишга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, тумандаги «Ижодкор» маҳалласида Наманган вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, вилоят Савдо-саноат палатаси ҳамда туман миқёсидаги тегишли масъуллар ҳамкорлигида аҳоли билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилган.
Жараён давомида хонадонлар ўрганилиб, фуқароларнинг бандлиги, касбий кўникмалари, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятлари ҳамда мавжуд муаммолари таҳлил қилинмоқда. Ҳар бир оиланинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларни даромадли меҳнатга жалб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Айниқса, иш излаётган фуқароларни мавжуд бўш иш ўринларига йўналтириш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги аҳолига зарур тавсиялар бериш ва амалий кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлик қилиш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшимча даромад манбаларини яратиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
«Долзарб 40 кунлик» доирасидаги бундай манзилли ёндашувдан кўзланган асосий мақсад — маҳалладаги ҳар бир хонадоннинг имкониятини аниқлаш, аҳолининг доимий даромад манбаларини яратиш ва бандлигини таъминлаш орқали оилалар фаровонлигини оширишдир.
Энг муҳими, маҳаллада олиб борилаётган ишлар фақат муаммоларни аниқлаш билан чекланиб қолмай, уларнинг амалий ечимини топишга қаратилмоқда. Бу эса фуқароларнинг ўз меҳнати орқали даромад топиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва оилавий фаровонлигини янада оширишига хизмат қилмоқда.
«Долзарб 40 кунлик» тадбирлари доирасида «Ижодкор» маҳалласида бошланган ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, аҳолининг бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган янги имкониятлар кенгайтирилади.





