Ўз фаолиятимда малака ва тажриба муҳим.
2026-07-26 10:10:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда муносиб меҳнат қилиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Натижада хотин-қизлар давлат ташкилотлари ва турли соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар асосида фаолият юритиб, ўзларининг билим, тажриба ва салоҳиятларини намоён этиб келмоқда.
Мен ҳам Наманган вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасида бош юрисконсульт лавозимида фаолият юритар эканман, мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз касбий билим ва кўникмаларимни мунтазам оширишга, зиммдаги вазифаларни масъулият ва сидқидилдан бажаришга интилиб келмоқдаман.
Юрисконсультлик — чуқур билим, юксак масъулият, ҳуқуқий тафаккур, тажриба ва доимий изланишни талаб этадиган касблардан биридир. Шу боис ушбу соҳада етук мутахассис бўлиш учун мунтазам равишда ўз устида ишлаш, қонунчиликдаги янгиликларни ўрганиш, амалий тажрибани бойитиш ва касбий малакани ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга.
Бугун мен учун қувончли ва айни пайтда касбий фаолиятимда муҳим аҳамиятга эга бўлган кунлардан бири бўлди. Вилоят Адлия бошқармаси томонидан ўтказилган малака синовларидан муваффақиятли ўтиб, малака сертификатига эга бўлдим.
Мазкур натижага эришишимда, аввало, ўз устимда мунтазам ишлаганим, билим ва тажрибамни оширишга бўлган интилишим билан бир қаторда, фаолият юритаётган ташкилотимизда ходимлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда раҳбариятимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлашнинг алоҳида ўрни бор.
Мен учун ушбу сертификат шунчаки касбий малакани тасдиқловчи ҳужжат эмас, балки келгусида янада кўпроқ изланиш, билим ва тажрибамни ошириш, ўз касбимга бўлган масъулиятни янада чуқур ҳис этиш учун муҳим рағбатдир.
Ишонаманки, доимий изланиш, меҳнатсеварлик, билим ва тажрибани мунтазам ошириб бориш орқали ҳар бир мутахассис ўз касбий фаолиятида юқори натижаларга эриша олади. Зеро, замонавий давлат хизматчисидан нафақат билим, балки юксак масъулият, ҳалоллик, ташаббускорлик ва ўз касбига садоқат ҳам талаб этилади.
Касбий ривожланиш — доимий изланиш, билим ва меҳнат самараси.
Аҳмедова Соҳиба,
Наманган вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бош юрисконсульти

