Шаффофлик, ҳалоллик ва касбга садоқат — коррупцияга қарши энг кучли восита
2026-07-29 13:45:00 / Янгиликлар

Коррупция ҳар қандай жамият тараққиётига тўсиқ бўладиган, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини сусайтирадиган салбий иллатдир. Уни бартараф этиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки ҳар бир давлат хизматчиси ва фуқаронинг бурчидир. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида шаффофлик ҳамда ҳалоллик тамойилларига қатъий амал қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда коррупциянинг олдини олиш, унинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ҳамда фуқаролар олдида масъул экани, қонунийлик, тенглик ва адолат тамойилларига амал қилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Давлат фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътироф этади.
Бундан ташқари, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун давлат фуқаролик хизматчиларидан ҳалоллик, холислик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, хизмат вазифаларини виждонан бажариш ҳамда хизмат одоби қоидаларига риоя этишни талаб этади. Бу талаблар давлат хизматида коррупциянинг олдини олишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Наманган вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасида ҳам коррупциянинг олдини олиш, хизматлар кўрсатишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, мурожаатларни адолатли кўриб чиқиш ҳамда давлат хизматлари сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, сайёр қабулларни ташкил этиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва инсон омилини қисқартириш орқали коррупциявий хавфларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳар бир ходим ўз фаолиятида ҳалоллик, масъулият ва касбга садоқат тамойилларига амал қилиши, хизмат ваколатларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланмаслиги, одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этиши лозим. Зеро, коррупцияга қарши кураш аввало инсоннинг виждони, касбий масъулияти ва фидойилигидан бошланади.
Шу боис, ҳар бир давлат хизматчиси «Коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик» тамойилига амал қилиши, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилиши зарур.
Шаффофлик, ҳалоллик ва касбга бўлган садоқат — коррупцияга қарши курашнинг энг ишончли кафолати, халқ ишончи ва Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
