Маҳаллаларда бандлик ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги тизим жорий этилади
2026-07-16 19:45:00 / Янгиликлар

Маҳаллаларда бандлик ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги тизим жорий этилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш масалаларига бағишланган videoselektor yig‘ilishi бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу йил инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ берилганини таъкидлади.
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Маҳаллаларда ишни самарали ташкил этиш мақсадида Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилиб, у “маҳалла еттилиги” фаолиятини методик қўллаб-қувватлайди ва муаммоларга илмий ечимлар ишлаб чиқади.
Оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун қўшимча 2 триллион сўм имтиёзли маблағ ажратилди. “Оғир” маҳаллаларда кредит ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилди. 1-августдан маҳалла банкирлари ўзлари аниқлаган лойиҳаларни ушбу маблағлар орқали молиялаштира олади.
🔹 Маҳалла банкирлари фаолияти эндиликда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини ошириш натижалари бўйича баҳоланади.
🔹 Йил давомида энг кўп тадбиркорларни рўйхатга олган, энг кўп янги иш ўрни яратган ва энг яхши натижа кўрсатган 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан мукофот берилади.
Шунингдек, самарали фаолият юритиб, яхши тажриба яратган “маҳалла еттилиги” ҳам рағбатлантирилади. Уларнинг иш услуби бошқа ҳудудларда оммалаштирилади, илғор тажрибалар кенг ёритиб борилади.
Ҳозирда “еттилик” орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Энди барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади.
“Маҳалла – халққа энг яқин бошқарув бўғини. Одамларнинг кундалик масалалари шу ернинг ўзида, ортиқча оворагарчиликсиз ҳал бўлиши керак”,
– деди Президентимиз.
