Бухоро тумани: Работипоёнлик Ҳакима Содиқова матога тош босиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминламоқда
2026-11-17 17:50:00 / Янгиликлар

Тадбиркорлик — нафақат даромад манбаи, балки янги имкониятлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва жамият ривожига ҳисса қўшиш демакдир. Бухоро тумани Работипоён маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳакима Содиқова ана шундай ташаббускор аёллардан биридир.
У 20 йилдан ортиқ вақт давомида бозорда аёллар кийимлари учун мўлжалланган матолар савдоси билан шуғулланиб келади. Йиллар давомида орттирган тажрибаси орқали бозордаги талаб ва эҳтиёжларни яхши ўрганган. Айниқса, тошлар билан безатилган матоларга талаб юқорилиги, бундай маҳсулотларнинг четдан қиммат нархларда олиб келиниши унда янги ғояни шакллантирди.
«Нега бу ишни ўзимизда йўлга қўймаслигимиз керак?» деган фикр билан у изланишга киришди. Натижада Хитойдан матоларга тош босиш учун махсус дастгоҳлар олиб келиб, олти ой аввал ушбу фаолиятни йўлга қўйди.
Бугунги кунда Ҳакима Содиқова нафақат ўз тадбиркорлигини ривожлантирмоқда, балки 15 дан ортиқ маҳалладаги ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда. Уларнинг меҳнати орқали матоларга замонавий безаклар туширилиб, харидорлар талабига мос маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Энг эътиборлиси, ушбу ташаббус хотин-қизларга ўз маҳалласида меҳнат қилиш, янги кўникмаларни эгаллаш ва оиласи даромадини ошириш имкониятини бермоқда.
Бир пайтлар оддий савдо фаолиятидан бошланган изланиш бугун янги ишлаб чиқариш йўналишига, кўплаб аёллар учун эса даромад манбаига айланмоқда.
Ҳакима Содиқованинг фаолияти тадбиркорликда кузатувчанлик, ташаббускорлик ва қатъият янги имкониятлар эшигини очишини намоён этади. Энг муҳими, бу имкониятлар орқали бошқа инсонларнинг ҳам бандлиги ва даромадини таъминлашга эришилмоқда.






