Бухоро туманида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган янги лойиҳа ишга тушди
2026-11-16 16:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшларга замонавий билим бериш, уларни хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатиш борасидаги ташаббуслар бугунги кунда таълим ва бандлик соҳасидаги муҳим вазифалардан бирига айланган. Хусусан, мактаб ўқувчиларига камида икки хорижий тил ва битта касб ўргатишни назарда тутувчи «Икки тил ва бир касб» тамойили ёш авлоднинг келажакда муносиб касб эгаси бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу мақсадларга ҳамоҳанг равишда Бухоро туманида ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Бухоро тумани ҳокимлиги ҳамда «Агробанк» ташаббуси билан 3-сонли умумтаълим мактабининг фойдаланилмай турган спорт залида «Sherteks» МЧЖ томонидан йирик тикувчилик цехи ташкил этилди.
Яқинда ўз фаолиятини бошлаган мазкур тикувчилик цехига 40 дан ортиқ замонавий тикув машинаси ва зарур жиҳозлар ўрнатилди. Энг муҳими, лойиҳа доирасида 40 нафардан ортиқ фуқаро, асосан, мактаб битирувчилари ва ишсиз ёшлар иш билан таъминланди.
Мазкур лойиҳа, аввало, фойдаланилмай турган бино имкониятларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда маҳаллий аҳоли, айниқса, ёшлар учун янги даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.
Бундай ташаббуслар орқали нафақат янги иш ўринлари яратилади, балки ёшларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши, касбий маҳоратини ошириши ва келгусида мустақил ҳаёт қуриши учун ҳам кенг имкониятлар яратилади.
Бухоро туманида бу каби лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.








