Бухоро туманида навбатдаги раҳбарлар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди
2026-11-12 14:30:00 / Янгиликлар

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ёшлар куни” доирасида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мурожаатларига амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда бугун, 12 ноябрь куни Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов бошчилигида туман раҳбарлари иштирокида навбатдаги раҳбарлар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Бухоро тумани ҳокимлигида ташкил этилган очиқ мулоқотда 50 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида таълим олаётган, турли соҳаларда фаолият юритаётган, иш излаётган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларнинг мурожаатлари, муаммо ва таклифлари бевосита тингланди.
Ёшлар томонидан билдирилган мурожаатларнинг ҳар бири тегишли масъул раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар белгиланди. Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Мулоқот давомида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун зарур кўмак кўрсатиш, шунингдек, таълим ва спорт соҳаларидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини амалий қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат идоралари билан ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.








