Бухоро тумани: «Fayzulloobod» фермер хўжалиги «Яшил макон» учун 700 минг туп тут кўчати етиштирди
2026-11-11 14:25:00 / Янгиликлар

Табиатни асраш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик барқарорликка эришиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эса ушбу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, ҳудудларда дарахтзорлар майдонини кенгайтириш ва экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов «Истиқбол» маҳалла фуқаролар йиғинининг Юқори Қовдун қишлоғида жойлашган «Fayzulloobod» фермер хўжалигига ташриф буюриб, бу ерда кўчат етиштириш ва парваришлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Фермер хўжалиги раҳбари Эркин Остoнов бошчилигида 3 гектар майдонда 700 минг туп икки йиллик тут кўчати етиштирилган. Мазкур кўчатлар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида Бухоро вилоятининг турли ҳудудларига етказиб берилади.
Ташриф давомида туман ҳокими кўчатларни етиштириш ва парваришлаш жараёни, мавжуд имкониятлар ҳамда келгусидаги режалар билан танишди. Шунингдек, кўчатларни сифатли етиштириш, уларни белгиланган муддатларда манзилларга етказиб бериш ва экилгандан сўнг парваришлаш ишларини тўғри ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Эътиборлиси, фермер хўжалигида кўчат етиштириш ва парваришлаш ишларига 20 нафардан ортиқ ишчи жалб этилган. Бу эса маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар учун даромад манбаларини яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Тут дарахти нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг барглари ипак қурти учун асосий озуқа манбаларидан бири ҳисобланади. Шу боис тутзорлар майдонининг кенгайиши келгусида ипакчилик тармоғини ривожлантириш ва ушбу соҳанинг хомашё базасини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
«Fayzulloobod» фермер хўжалиги фаолияти кўчат етиштириш орқали экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуд иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиш мумкинлигининг амалий намунасидир.
Зеро, бугун экилган ҳар бир кўчат — эртанги куннинг яшил табиати, мусаффо ҳавоси ва келажак авлод учун соғлом экологик муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадамдир.






