Бухоро туманида навбатдаги раҳбар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди
2026-10-08 15:20:00 / Янгиликлар

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ёшлар куни” сифатида ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мурожаатларига амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда бугун, 8 октябрь куни Бухоро туман ҳокими Анваржон Очилов бошчилигида туман раҳбарлари иштирокида навбатдаги раҳбар ва ёшлар учрашуви ўтказилди. Мулоқот Бухоро туманидаги 1-сон техникумда ташкил этилиб, унда 100 дан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида таълим олаётган, турли соҳаларда фаолият юритаётган, иш излаётган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг мурожаатлари, муаммо ва таклифлари бевосита тингланди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи учрашувнинг асосий йўналишларидан бири бўлди. Иш излаётган ёшларнинг масалаларини ўрганиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул мутахассислар жалб қилинди. Ёшларнинг билим ва кўникмалари, қизиқишлари ҳамда мавжуд бўш иш ўринлари ўрганилиб, уларни ишга жойлаштириш бўйича амалий чоралар белгиланди.
Шунингдек, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларнинг ташаббуслари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Улар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни амалга ошириш, зарур молиявий ресурсларни жалб этиш, кредит ва бошқа молиявий кўмаклардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур жараёнда банк раҳбарлари ҳам иштирок этиб, ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари, кредит олиш тартиблари ва мавжуд имтиёзлар юзасидан тушунтиришлар берди. Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Мулоқот давомида ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Туман ҳокими Анваржон Очилов ёшлар томонидан билдирилган мурожаат ва таклифларни тегишли масъуллар билан биргаликда кўриб чиқиб, кўтарилган масалаларни ўз вақтида ва амалий жиҳатдан ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг муаммоларини бевосита ўрганиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва келгусидаги режаларини амалга оширишига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро туманида “Ёшлар куни” доирасида ёшлар билан очиқ мулоқотларни мунтазам давом эттириш, уларнинг мурожаатларини манзилли ўрганиш ва ҳар бир ташаббусни амалий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.









