Бухоро туман ҳокими Анваржон Очиловнинг 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги
2026-09-30 19:55:00 / Янгиликлар

Ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Сиз, муҳтарам устоз ва мураббийларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада ривожлантириш, ёш авлодга замонавий билим ва кўникмалар бериш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу эзгу ва масъулиятли ишларнинг самараси, аввало, сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, билим ва тажрибангиз, касбингизга бўлган садоқатингиз билан чамбарчас боғлиқ.
Азиз устозлар!
Сизлар ёш авлод қалбига илм-маърифат уруғларини қадаб, уларни ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишга, юртимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундаб келмоқдасиз. Ҳар бир шогирдингизининг ютуғи, эришаётган натижалари ортида сизларнинг заҳматли меҳнатингиз, сабр-тоқатингиз ва меҳрингиз мужассам.
Бугун Бухоро туманида ҳам таълим тизимини ривожлантириш, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, билимли, истеъдодли ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашда сиз, фидойи педагогларнинг ҳиссангиз беқиёсдир.
Айниқса, ўқувчиларимизнинг фан олимпиадалари, турли танлов ва мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари, хорижий тиллар ва замонавий билимларни эгаллашга бўлган интилишлари бизни қувонтиради. Бу натижалар замирида, шубҳасиз, устозларнинг заҳмати ва маҳорати бор.
Муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Ёш авлод — юртимизнинг келажаги. Уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, қалбида Ватанга муҳаббат ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини шакллантиришдек шарафли вазифада сизларга доимо куч-ғайрат, илҳом ва муваффақият тилаймиз.
Сизларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатингизни юксак қадрлаган ҳолда, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Анваржон Очилов,
Бухоро туман ҳокими
