Навбатдаги “Ҳокимлик соати”да вазифалар ижроси муҳокама қилинди
2026-09-28 12:25:00 / Янгиликлар

Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов раҳбарлигида туман ҳокимлигида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши ўтказилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган долзарб масалалар, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳамда белгиланган вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлаб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, маҳаллаларнинг ушбу жараёндаги иштирокини кучайтириш, ҳудудларнинг яшиллик даражасини ошириш ва ободонлаштириш борасидаги ишлар муҳокама қилинди. Бу йўналишда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, маҳаллаларда яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолини энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини мавсумга тайёрлаш ҳамда қурилиш ишларининг бориши юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Мавсумни беталафот ўтказиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва объектларнинг тайёргарлик даражасини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилишда туманнинг 2026-йил 9 ойлиги якунлари ҳамда йил якунига қадар асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни таъминлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва инфляция даражасини барқарорлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудларни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, бандлик дастурининг ижроси, хатлов ишларининг натижалари ҳамда аҳоли даромадларини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳам муҳокама қилинди. Масъулларга ҳар бир маҳалла ва хонадон кесимида ишларни тизимли ташкил этиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда аҳолининг бандлигини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.
Бундан ташқари, яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ солиш базасини кенгайтириш, фойдаланилмаётган имконият ва захираларни сафарбар этиш орқали 2026-йилда бюджетга жалб қилиниши кутилаётган қўшимча даромадларни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида ижро интизоми ҳолати ҳам танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилиниб, берилган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда натижадорликни ошириш бўйича аниқ топшириқлар белгилаб берилди.
Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов масъулларга белгиланган вазифаларга масъулият билан ёндашиш, ижро интизомига қатъий риоя қилиш ва амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.









