Бухоро туманида ҳам пахта йиғим-теримига киришилди
2026-09-16 14:50:00 / Янгиликлар

Бухоро тумани деҳқон ва пахтакорлари азалдан меҳнаткашлиги ва матонати билан ажралиб келади. Бу йил ҳам улар табиат синовлари — сув тақчиллиги ва бошқа қийинчиликларга қарамай, ўз тажрибаси ва сабр-тоқати билан мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлдилар.
Табиат инжиқликлари ва сув тақчиллиги деҳқонларнинг тажрибаси, ишбилармонлиги ҳамда фидокорона меҳнати эвазига енгиб ўтилди. Жорий йилда туманда 7 минг 200 гектар майдонга чигит экилиб, ғўза агротехник тадбирлар асосида парвариш қилинди.
Пахтакорлар бу йил 39 минг тоннага яқин пахта хомашёсини йиғиб олиб, қабул пунктларига топширишни режалаштирмоқда. Бунинг учун зарур шароитлар яратилган, ҳосилни ташиш учун етарли техника воситалари шай ҳолатга келтирилган.
Пахта йиғим-терими олдидан Чор Бакр зиёратгоҳида Қуръон тиловат қилиниб, мавсумда меҳнат қилаётган барча пахтакор ва теримчиларга куч-ғайрат, хирмонимизга барака ва мўл ҳосил тилаб, эзгу дуолар қилинди.
Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида 172 та терим отряди ташкил этилиб, уларга 8 минг 800 нафар теримчи жалб этилмоқда.
Терим жараёнида қўл меҳнати билан бир қаторда замонавий техника имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилади. Умуман, мавсумга 11 та пахта териш машинаси жалб этилган бўлиб, улар орасида 1 та FM World, 8 та John Deere ва 2 та Boshiran русумли техникалар мавжуд.
Айни кунларда далаларда қизғин меҳнат бошланди. Пахтакорлар етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда ва сифатли йиғиб-териб олиш, уни нобуд қилмасдан қабул пунктларига етказиб бериш учун бор имкониятларини ишга солмоқда.









