Бухоро туманида наслли қўйчиликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда
2026-09-10 18:25:00 / Янгиликлар

Бухоро туманининг Кунжи Қалъа маҳалласида чорвачиликнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган қўйчилик ва наслчиликни ривожлантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
2026 йил бошида фаолиятини бошлаган “Ravshan Bukhara Arashan Selection” МЧЖ томонидан қисқа вақт ичида чорва моллари бош сонини кўпайтириш, наслдор қўйларни парваришлаш ва селекция ишларини йўлга қўйиш борасида муайян натижаларга эришилди.
Корхона раҳбари Раҳмонали Ҳошимов бошчилигида Арашан зотли қўйларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда хўжаликдаги қўйлар бош сони 1000 бошга етказилган бўлиб, келгусида бу кўрсаткични 3000 бошга етказиш режалаштирилган.
Наслчилик йўналишини ривожлантириш мақсадида юқори сифатли зотдор қўйларни четдан олиб келиш, уларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш ҳамда сифатли насл олишга қаратилган селекция ишларини янада такомиллаштириш кўзда тутилган.
Корхонада чорва молларини парваришлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ем-хашак базасини мустаҳкамлаш, ветеринария хизматини йўлга қўйиш ва чорва саломатлигини доимий назорат қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Мазкур фаолиятнинг кенгайиши натижасида янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг чорвачиликка бўлган қизиқишини ошириш ҳамда ҳудудда наслли чорва молларини кўпайтириш имкониятлари кенгаяди.
“Ravshan Bukhara Arashan Selection” МЧЖнинг келгусидаги режаларида қўйлар бош сонини кўпайтириш билан бир қаторда, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва юқори маҳсулдор чорва молларини етиштиришни йўлга қўйиш муҳим ўрин тутади.
Бундай лойиҳалар Бухоро туманида чорвачилик тармоғини ривожлантириш, сифатли чорва маҳсулотлари етиштириш ҳамда соҳанинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.









