Ёшлар — давлат эътибори ва қўллаб-қувватловининг марказида
2026-09-10 12:25:00 / Янгиликлар

Бугун — пайшанба, юртимизда “Ёшлар куни”. Ушбу кун доирасида ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Шу муносабат билан Бухоро туман ҳокими Анваржон Очилов бошчилигидаги масъуллар Шергирон маҳалласидаги 22-сон умумтаълим мактабида ёшлар билан учрашув ўтказди.
Учрашув аввалида маҳалла ёшлар етакчисининг ёшлар билан ишлаш йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳисобот давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка йўналтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг туман ҳокими ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади. Мулоқот давомида ёшлар ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, таълим олиш ҳамда ўз ташаббусларини амалга ошириш бўйича мурожаатларини билдирди.
Билдирилган мурожаат ва таклифлар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган масалаларни эса назоратга олиб, амалий ечим топиш вазифалари белгиланди.
“Ёшлар куни” доирасидаги бундай учрашувлар ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.









