Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам табриги
2026-08-31 15:05:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум, азиз тумандошлар!
Сиз, азизларни, кўп миллатли Бухоро тумани аҳлини халқимиз учун энг улуғ ва энг азиз айём — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин!
Бугун барчамиз қалбимизда чексиз фахр ва ифтихор туйғуси билан мамлакатимиз ҳаётидаги энг буюк тарихий сана — давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонламоқдамиз.
Мустақиллик — халқимизнинг асрий орзуси, эркин ва озод яшаш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ва муносиб келажак барпо этиш йўлидаги буюк неъматдир. Айнан истиқлол туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди, она тилимиз, миллий қадриятларимиз ва бой тарихимизга бўлган муносабат тубдан ўзгарди.
Шу қутлуғ кунларда Ватанимиз озодлиги ва равнақи йўлида курашган фидойи аждодларимиз, маърифатпарвар боболаримиз, хусусан, жадидларимизнинг ибратли ҳаёти ва жасоратини миннатдорлик билан ёдга оламиз. Уларнинг эзгу орзу-интилишлари бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизда ўзининг муносиб ифодасини топмоқда.
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва янгиланишлар ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Бухоро тумани ҳам мамлакатимиз тараққиётининг ушбу янги босқичида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ҳудудимизда саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, йўл ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, замонавий уй-жойлар ҳамда ижтимоий объектларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида туманда 1,2 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Экспорт ҳажми эса 8 миллион АҚШ долларига етди.
Янги иш ўринларини яратиш ҳисобига 24,7 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, камбағаллик даражаси 3,2 фоиздан 2,1 фоизга қисқартирилди.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасидаги ишлар ҳам изчил давом этмоқда. «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида жорий йилнинг баҳор мавсумида туманда 554,2 минг дона дарахт, бута ва гул кўчатлари экилди.
Айни пайтда «Боғидашт» ҳудудида улкан «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилмоқда. Шунингдек, туман марказида ҳам янги хиёбон ташкил этилмоқда.
Қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун бугунги кунга қадар 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, 100 га яқин объектда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Аҳолининг муносиб турмуш шароитларини таъминлаш мақсадида 1,7 мингта оилага мўлжалланган 27 та кўп қаватли уй-жой барпо этилмоқда.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2026 йил якунига қадар марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 98,4 фоизга етказиш кўзда тутилган. Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳа натижасида эса 2028 йил якунига қадар туман аҳолисининг 100 фоизини марказлаштирилган тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсад қилинган.
Азиз тумандошлар!
Келажак, аввало, таълим ва тарбияга боғлиқ. Шу боис туманда ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларнинг билим ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитларни яратиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда туманда мактабгача таълим қамрови 20 фоиздан 84,2 фоизга етказилди. Таълимга қаратилаётган эътибор натижасида 2025 йилда 10 нафар мактаб ўқувчиси республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган бўлса, жорий йилнинг олти ойида яна 5 нафар ўқувчимиз ғолиблар сафидан жой олди.
Спортчи ёшларимиз ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойида 42 нафар туманимиз спортчиси республика ва халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлди. Жумладан, 11 нафар спортчимиз халқаро мусобақаларда, 31 нафари эса республика чемпионатлари ва кубокларида юқори натижаларни қайд этди.
Туризм соҳасида ҳам сезиларли натижаларга эришилмоқда. Жорий йилнинг олти ойида туманга хориждан ташриф буюрган туристлар сони 23,1 минг нафарга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб икки баробарга ошди. Туризм хизматлари экспорти эса 6,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Буларнинг барчаси тумандошларимизнинг фидокорона меҳнати, тадбиркорларимизнинг ташаббуси, деҳқон ва фермерларимизнинг заҳматли меҳнати ҳамда халқимизнинг бунёдкорлик руҳининг самарасидир.
Муҳтарам байрам иштирокчилари!
Мустақиллик йилларида эришган энг катта ютуғимиз — тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигидир.
Шу боис бугунги шукуҳли байрам бизни яна бир бор ягона мақсад атрофида бирлашишга, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида янада катта марраларни кўзлашга ундайди.
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган эзгу ғоя барчамизни улуғ мақсадлар сари чорламоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Мустақиллик байрами арафасида юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган барча юртдошларимизни самимий муборакбод этаман. Уларнинг Ватанимиз тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси барчамиз учун ибратдир.
Азиз тумандошлар!
Сизларни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ва фаровонлик тилайман.
Юртимиз осмони доимо мусаффо, халқимиз қалби хотиржам, хонадонларимиз обод, дастурхонларимиз тўкин бўлсин!
Халқимиз омон, Ватанимиз тинч, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз тумандошлар!
Ҳурмат билан,
Анваржон Очилов
Бухоро туман ҳокими
