Қўлба қишлоғидаги 50-мактаб биноси мукаммал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди
2026-08-30 18:25:00 / Янгиликлар

Бухоро туманида таълим муассасаларини замонавийлаштириш, ўқувчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасидаги бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Бухоро тумани Қўлба қишлоғидаги 50-сон умумий ўрта таълим мактабининг мукаммал таъмирдан чиқарилган биноси фойдаланишга топширилди.
Таълим масканининг янгиланган биносини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбирда Бухоро туман ҳокими Анваржон Очилов, мактаб жамоаси, устоз ва мураббийлар, ўқувчилар, ота-оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Мазкур таълим муассасасида ОПЕК дастури асосида кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Лойиҳа доирасидаги ишлар «AZIZBEK ELSHOD SAVDO» МЧЖ томонидан бажарилиб, бунинг учун 4 миллиард 800 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида мактаб биноси замонавий қиёфага келтирилиб, ўқувчилар ва педагоглар учун қулай таълим олиш ҳамда самарали фаолият юритиш шароитлари яратилди.
Тадбир давомида мактабда яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Мактаб жамоаси, устоз ва мураббийлар ҳамда ўқувчиларга янги ўқув йилида муваффақиятлар тилади.
Бугунги кунда юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, мактабларни таъмирлаш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилаётган маблағлар ёш авлод келажагига бўлган ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Янгиланган мактаб биноси ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, педагогларнинг самарали фаолият юритиши ҳамда ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топишига хизмат қилади.
Янгиланган 50-сон мактаб биноси ўқувчилар, устозлар ва ота-оналар учун муборак бўлсин!









