Сувчиқар қишлоғида янги мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди
2026-08-29 16:50:00 / Янгиликлар

Бухоро туманининг Талалиён маҳалласи Сувчиқар қишлоғида Мустақиллик байрами арафасида яна бир муҳим ижтимоий объект — замонавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Янги 49-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши маҳалла аҳли, айниқса, ёш оилалар ва фарзандлари мактабгача таълим ёшида бўлган ота-оналар учун қувончли воқеа бўлди.
Муассасанинг очилиш маросимида туман ҳокими Анваржон Очилов, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ота-оналар, устоз ва мураббийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими Анваржон Очилов сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди. Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, таълим ва тарбия соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ўзининг амалий натижаларини бераётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг турли ҳудудларида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда, аҳоли учун зарур бўлган ижтимоий объектлар барпо этилмоқда. Айниқса, болалар таълим-тарбияси учун яратилаётган шароитлар келажак авлодга бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
«Янги Ўзбекистон — мактабгача таълимдан бошланади», деган эзгу тамойил асосида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижасида ҳудудларда замонавий, барча қулайликларга эга мактабгача таълим ташкилотлари сони тобора ортиб бормоқда.
Талалиён маҳалла фуқаролар йиғини Сувчиқар қишлоғида ОПЕК дастури асосида бунёд этилган 49-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир.
Қиймати 3,6 миллиард сўм бўлган мазкур замонавий муассаса 90 ўринли бўлиб, қурилиш ишлари «Fast qaulity building» МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Янги боғчада болаларнинг таълим-тарбия олиши, мазмунли вақт ўтказиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган. Муассаса ёруғ ва шинам хоналар, замонавий жиҳозлар, ўқув-тарбия воситалари ҳамда болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур имкониятлар билан таъминланган.
Эндиликда Сувчиқар қишлоғидаги 90 нафар жажжи тарбияланувчи замонавий ва қулай шароитда таълим-тарбия олади. Энг муҳими, янги мактабгача таълим ташкилотининг иш бошлаши маҳалладаги ота-оналарнинг фарзандларини сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёш авлод камолоти, уларнинг таълим-тарбияси ва келажаги учун яратилаётган бундай имкониятлар учун миннатдорлик билдирдилар.
Янги мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши Сувчиқар қишлоғи ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Зеро, болалар учун қурилган ҳар бир таълим маскани — бу шунчаки янги бино эмас, балки келажак сари қўйилган мустаҳкам қадамдир.
Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган ушбу замонавий маскан маҳалла аҳли учун муносиб байрам туҳфаси бўлиши билан бирга, фарзандлар учун янги имкониятлар эшигини очади.
Юртимизда бунёд этилаётган бундай замонавий таълим масканлари фарзандларимизнинг бахтли болалиги, сифатли таълим-тарбия олиши ва келажакда Ватанимизга муносиб авлод бўлиб вояга етишига хизмат қилади.









