Мустақиллик — буюк қадриятимиз
2026-08-22 13:00:00 / Янгиликлар

Мустақиллик — халқимизнинг асрий орзуси, миллий ўзлигимиз, эркин ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Бу йил Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини катта шод-у хуррамлик, юксак ғурур ва кўтаринки кайфият билан нишонламоқдамиз.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бугун юртимизда инсон қадри ва унинг манфаатларини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни обод қилиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, таълим ва тиббиёт соҳаларини такомиллаштириш, айниқса, ёшлар учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби эзгу ва бунёдкорлик ишлари Бухоро туманида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Маҳаллаларни обод қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ичимлик суви, электр энергияси, йўл ва бошқа ижтимоий инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бу жараёнларда аҳолининг фикри, таклиф ва мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши депутати сифатида мен учун энг муҳим вазифа — аҳоли билан доимий ва яқин мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда қонуний мурожаатларини ҳал этишга муносиб ҳисса қўшишдир. Зеро, депутатлик — аввало, халқ ишончи, катта масъулият ва эл-юрт манфаатларига садоқат билан хизмат қилиш демакдир.
Бугун биз эришаётган барча ютуқ ва бунёдкорликларнинг замирида тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг бирдамлиги ҳамда мустақил тараққиёт йўлидан дадил бораётганимиз мужассам.
Мустақилликнинг ҳақиқий қадри — тинч ва осуда ҳаётимизда, фарзандларимизнинг бахтли келажаги, халқимизнинг фаровон турмушида намоён бўлади. Уни асраш, қадрлаш ва келажак авлодларга муносиб тарзда етказиш, Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Самадов Суннатилло Тилавович,
Халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши депутати
