Бухоро туман ҳокими Анваржон Очилов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди
2026-08-21 14:30:00 / Янгиликлар

Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳар бир масалага амалий ечим топиш бугунги кунда давлат бошқаруви тизимининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг қонуний талаб ва таклифларини ўрганиш ҳамда муаммоларини имкон қадар жойида ҳал этиш мақсадида Бухоро туман ҳокими Анваржон Очилов туман Халқ қабулхонасида навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди.
Қабул давомида туманнинг турли ҳудудларидан келган фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан мурожаатларини билдирдилар. Фуқаролар томонидан бандлик, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, моддий ва ижтимоий кўмак, уй-жой, ер муносабатлари, ичимлик суви, электр энергияси, йўл ва инфратузилма билан боғлиқ масалалар ҳамда бошқа қатор муаммолар кўтарилди.
Туман ҳокими ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, фуқароларнинг фикр ва таклифларига алоҳида эътибор қаратди. Мурожаатларнинг мазмунидан келиб чиқиб, айрим масалалар юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ечими қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъул мутасаддиларга вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, муаммонинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда қонунчилик талаблари асосида амалий чоралар кўриш вазифалари юклатилди.
Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги, фуқароларга берилган топшириқлар ижроси қатъий назоратга олиниши ва масалаларнинг ортга сурилмасдан, белгиланган муддатларда ҳал этилиши зарурлиги таъкидланди.
Аҳолининг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва уларни ижобий ҳал этиш орқали фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Фуқаролар қабулида билдирилган ҳар бир мурожаат — инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган эътиборнинг амалий ифодасидир.









