Маънавият ва давлат тили маслаҳатчилари фаолиятининг янги босқичи
2026-08-19 14:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги “Республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 437-сон қарори мамлакатимизда давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятига тўхталар эканмиз, аввало, ҳужжатда белгиланган янги механизмларга эътибор қаратиш лозим.
Қарор билан республика даражасидаги давлат органлари, хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларда жорий этилган “раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси” лавозимининг фаолияти аниқ тартибга солинди.
Мазкур маслаҳатчилар фаолиятининг Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан мувофиқлаштирилиши ва уларга услубий раҳбарлик қилиниши ишларни тартибли ҳамда ягона ёндашув асосида олиб борилишини таъминлайди.
Қарор ижроси доирасида давлат органларидаги ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар ва рекламаларнинг давлат тили талабларига мувофиқлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши ўзбек тилининг қонуний мақомини амалда мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 437-сон қарори давлат бошқарувида ўзбек тилининг нуфузини янада ошириш, идораларда иш юритиш маданиятини такомиллаштириш ҳамда давлат тилининг софлигини таъминлаш йўлидаги муҳим ташкилий-ҳуқуқий асосдир.
Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши давлат тилига бўлган ҳурматни янада юксалтириш, жамиятимизда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда давлат тилининг нуфузини оширишга хизмат қилади.
Фируз Мирсолиев,
Бухоро тумани ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси
