Бухоро тумани ҳокимининг навбатдаги фуқаролар қабули ўтказилди
2026-08-14 18:50:00 / Янгиликлар

Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқот ўрнатиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни тинглаш ҳамда уларнинг қонуний мурожаатларига ўз вақтида ечим топиш давлат органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Жойларда мунтазам ташкил этилаётган шахсий ва сайёр қабуллар эса аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларни ҳал этишнинг самарали механизми бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда 14 август куни Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очиловнинг навбатдаги фуқаролар қабули туман Халқ қабулхонаси биносида бўлиб ўтди.
Унда 40 дан ортиқ фуқаро иштирок этди. Қабул жараёнида туман ҳокимининг ўринбосарлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутасадди масъуллар қатнашиб, фуқароларнинг мурожаатларини бевосита тингладилар.
Мулоқот давомида фуқаролар томонидан кадастр, ишга жойлашиш, моддий ёрдам тайинлаш, соғлиғини тиклашда амалий кўмак кўрсатиш, уй-жой, коммунал хизматлар ҳамда бошқа ижтимоий масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан ўрганилди. Муаммоларни имкон қадар жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул давомида аксарият мурожаатлар ижобий ечим топди. Қўшимча ўрганиш ва муайян муддатни талаб этадиган масалалар эса тегишли ташкилот ва корхоналарга ижро учун йўналтирилиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар ва муддатлар белгиланди. Мурожаатларнинг ижроси туман ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.
Бундай қабуллар фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлаш ҳамда «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойилни амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.
Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсоннинг ҳаёти, тақдири ва эртанги кунга бўлган умиди мужассам. Шу боис фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига эътибор билан ёндашиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат идоралари олдидаги муҳим вазифалардан биридир.









