Бухоро туманида 23 нафар бола учун суннат тўйи ўтказилди
2026-08-12 14:30:00 / Янгиликлар

Ўғил фарзанд дунёга келганда ҳар бир ота-она, насиб қилса, элга ош бериб, тўй-тантаналар ўтказишни орзу қилади. Бироқ турли оилавий шароит ва ҳаётий синовлар сабаб айрим оилалар фарзандларининг суннат тўйини муносиб тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлавермайди.
Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан халқимиз кайфиятини кўтариш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Бухоро туманида ҳам ташкил этилди. Туман ҳокими Анваржон Очилов ташаббуси билан боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандлари учун суннат тўйи ўтказилди.
“Муҳайё” тўйхонасида ташкил этилган тадбирда 23 нафар боланинг суннат тўйи биргаликда нишонланди. Шодиёнада туман ҳокими Анваржон Очилов сўзга чиқиб, йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан, тўйлари нишонланаётган болажонларнинг ота-оналарини эса ушбу қувончли кун билан самимий муборакбод этди.
Тадбир давомида мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, фарзандлар тарбияси ва уларнинг муносиб келажагини таъминлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг аҳамияти таъкидланди.
Шунингдек, тўй болаларига ҳомийлар томонидан велосипед ва турли ўйинчоқлар совға қилинди. Бу эса болажонларнинг қувончига қувонч қўшиб, байрамга ўзгача файз бағишлади.
— Бугунги кун биз учун жуда катта қувонч бўлди. Фарзандимнинг суннат тўйи шундай чиройли ва унутилмас тарзда ўтказилаётганидан ниҳоятда хурсандман. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бунинг учун юртимизда инсон қадри ва оилалар фаровонлигига қаратилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдираман, — дейди “Подшоҳи” маҳалласида яшовчи Дилноза Самадова.
Шодиёнада Наврўз маҳалласида яшовчи Олтиноoy Ғаффорова ҳам ўзининг самимий фикрларини билдирди:
— Фарзандимнинг суннат тўйини нишонлаш биз учун катта қувонч. Бугунги тадбирда бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнунмиз. Айниқса, болажонларнинг юзидаги қувончни кўриб, биз, ота-оналар ҳам беҳад хурсанд бўлдик. Бундай эзгу ташаббуслар оилаларга нафақат моддий, балки маънавий далда ҳам беради. Ташкилотчиларга, ҳомийларга ва барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Тадбирнинг бадиий қисмида туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган театрлаштирилган томошалар, куй-қўшиқ ва мусиқий чиқишлар намойиш этилди. Байрамона дастур тўй болалари ва уларнинг яқинларига кўтаринки кайфият улашди.
Зеро, бундай эзгу тадбирлар орқали нафақат болажонларга қувонч улашилади, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, инсон қадрини улуғлашдек эзгу қадриятлар янада мустаҳкамланади.









