Бухоро тумани делегациясининг Хитой сафари амалий натижаларга бой бўлди
2026-08-11 09:45:00 / Янгиликлар

Бухоро туманига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, туманнинг экспорт географиясини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2026 йилнинг 2–7 август кунлари туман ҳокими Анваржон Очилов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари амалга оширилди.
Ташриф доирасида делегация Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони ва Шанхай шаҳрида йирик компаниялар ҳамда хусусий корхоналар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди. Музокаралар давомида инвестиция, экспорт, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, замонавий агротехнологиялар ва қурилиш йўналишларида умумий қиймати 250 миллион АҚШ долларига тенг келишувларга эришилди.
Органик ўғит ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа
3–5 август кунлари Шинжон-Уйғур автоном районида ўтказилган учрашувлар давомида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялар, ақлли суғориш тизимлари ва рақамли агротехнологияларни жорий этишга ихтисослашган “Xinjiang Dayu Smart Agricultural Technology Co., Ltd.” компанияси фаолияти билан яқиндан танишилди.
Мазкур компания Хитойнинг сув тежовчи технологиялар соҳасидаги йирик “Dayu Irrigation Group Co., Ltd.” холдинги таркибига кирувчи Шинжон ҳудудидаги бош шўъба корхоналаридан бири ҳисобланади.
Учрашув давомида “Xinjiang Dayu Smart Agricultural Technology Co., Ltd.” ҳамда Бухоро туманида фаолият юритувчи “UCH QARAGAY AGRO LAND” МЧЖ ҚК ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Натижада Бухоро туманида 2026–2028 йилларда органик ўғитлар ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Компания вакиллари лойиҳа бўйича амалий ишларни 2026 йил август–сентябрь ойларида Бухоро туманида бошлашини маълум қилди.
Қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Шунингдек, “Xinjiang Yize International Economic and Trade Co., Ltd.” компанияси билан Бухоро туманида қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Мазкур лойиҳада ишлаб чиқаришнинг дастлабки 1–3 йили давомида маҳсулотларни 60 фоизгача, 3–5-йилларда эса 80 фоизгача маҳаллийлаштириш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилиши қишлоқ хўжалиги техникаларига бўлган ички талабни маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштириш даражасини оширишга хизмат қилади.
Ташриф давомида делегация Шинжон-Уйғур автоном районида йирик чорвачилик, картошка ва помидор етиштириш билан шуғулланувчи компаниялар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Мутахассислар билан учрашувларда қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва илғор тажрибаларни ўрганиш бўйича фикр алмашилди.
Бухоро маҳсулотлари Хитой бозорига экспорт қилинади
Хизмат сафарининг 6–7 август кунлари Шанхай шаҳрида ўтказилган учрашувлари ҳам амалий натижаларга бой бўлди.
Жумладан, “Shanghai Ivcsun Industrial Development Co., Ltd.” компанияси билан Бухоро туманида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Хитой бозорига экспорт қилиш масаласида музокаралар олиб борилди.
Йиллик айланмаси 5 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи компания Хитой ва халқаро бозорларда юқори сифатли сархил мевалар, хусусан, импорт мевалар савдоси, логистика ва таъминот занжирини бошқариш йўналишларида фаолият юритади.
Музокаралар натижасида Бухоро туманидан Хитойга йилига 11 миллион АҚШ доллари миқдорида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек, турли хил мевалардан музқаймоқ ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Қурилиш соҳасида ҳам янги ҳамкорлик
Ташриф доирасида Бухоро туманида фаолият юритувчи “Politex Progres” МЧЖ вакиллари Шанхайнинг йирик қурилиш компаниялари билан ҳам учрашувлар ўтказди.
Музокаралар давомида шериклик асосида Бухоро вилоятида кўп қаватли тураржой биноларини қуриш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Ташриф натижалари — амалий лойиҳалар ва янги имкониятлар
Умуман олганда, Бухоро тумани делегациясининг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари давомида инвестиция, экспорт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва қурилиш йўналишларида муҳим келишувларга эришилди.
Ташриф давомида органик ўғит ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини Хитой бозорига экспорт қилиш, мевали музқаймоқ ишлаб чиқариш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва қурилиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ келишувлар имзоланди.
Мазкур келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш, лойиҳаларни белгиланган муддатларда ишга тушириш ва эришилган натижаларни изчил давом эттириш мақсадида барча келишувлар ижроси қатъий назоратга олинди. Уларнинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб борилиб, амалга оширилаётган ишлар бўйича мунтазам ахборот киритиб борилади.
Бухоро туманининг Хитой билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ушбу ташрифи хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва янги иш ўринларини яратиш борасида муҳим амалий қадам бўлди.









