Отаси изидан бораётган ёш ижодкор — миллий санъат давомчиси
2026-08-08 08:55:00 / Янгиликлар

Бухоро туманидаги Нақшбанд ҳунармандчилик марказида миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, ёш авлодга ҳунар сирларини ўргатиш ҳамда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай ижодкор ёшлардан бири — Нусратиллаева Сабина. У ёшлигидан санъат ва ҳунарга меҳр қўйиб улғайган. Унинг сўзларига кўра, рассомчиликка бўлган қизиқиши мактабда таҳсил олаётган давридаёқ шаклланган. Бу борадаги дастлабки сабоқларни эса отаси, Нақшбанд ҳунармандчилик маркази раҳбари Акмал Муҳиддиновдан олган.
Сабина отасидан рассомчиликнинг кўплаб сир-асрорларини ўрганиб, вақт ўтиши билан тасвирий санъатга бўлган қизиқишини янада ривожлантирди. Айнан шу қизиқиш уни рассомчилик йўналишида олий таълим олишга ундади.
Бугунги кунда Нусратиллаева Сабина рассомчилик йўналишида олий таълимни тамомлаб, ўз билим ва тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўриб келмоқда. У Нақшбанд ҳунармандчилик марказида ёшларга рассомчилик ҳамда миллий сомон санъати бўйича сабоқ бериб, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Сабинанинг ижодий фаолияти нафақат Бухоро тумани, балки мамлакатимиз миқёсидаги тадбирларда ҳам эътироф этилмоқда. У бир неча бор Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро амалий тасвирий санъат ҳафталигида муносиб иштирок этиб, ўз ижод намуналари билан қатнашган.
Шунингдек, 2024 йилда отаси Акмал Муҳиддинов билан биргаликда Лондонда ўтказилган халқаро ҳафталикда ҳам иштирок этган. Ушбу тадбирлар орқали Сабина миллий санъатимиз ва ҳунармандчилик анъаналарини халқаро миқёсда намойиш этишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугун Сабина ўз фаолияти орқали отасидан олган ҳунар ва тажрибани давом эттириб, уни ёш авлодга етказишга интилмоқда. Унинг рассомчилик ва миллий сомон санъатини ёшлар орасида тарғиб қилаётгани ҳунармандчилик анъаналарининг давомийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Нусратиллаева Сабинанинг ижодий фаолияти — ота изидан бориб, миллий санъат ва ҳунармандчилик анъаналарини янги авлодга етказаётган ёш ижодкорнинг ибратли фаолиятидир.









