Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари бошланди.
2026-08-04 09:25:00 / Янгиликлар

Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари бошланди. Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад — Бухоро туманига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, илғор ишлаб чиқариш тажрибаларини ўрганиш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Хизмат сафарининг дастлабки кунида делегация Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида жойлашган DAYUZHIHUI компанияси фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур корхона кимёвий ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, замонавий технологиялари, юқори ишлаб чиқариш қуввати ва инновацион ёндашувлари билан Хитойнинг ушбу йўналишдаги етакчи компанияларидан бири ҳисобланади.
Ташриф давомида корхонада қўлланилаётган замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулот сифатини назорат қилиш тизими ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Шунингдек, корхона раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, юқори самарадорликка эга кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш ва ушбу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай халқаро ҳамкорликлар ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш ҳамда янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Хитой Халқ Республикасига амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида етакчи компаниялар, инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари билан қатор учрашув ҳамда музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Ташриф давомида эришиладиган келишувлар ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида батафсил маълумотлар навбатдаги хабарларда ёритиб борилади.









