Бухоро туманида Хитой тажрибаси асосида қарийб 2 минг гектар майдонда пахта парваришланмоқда.
2026-08-03 17:45:00 / Янгиликлар

Бухоро туманида қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда фойдаланилмай ётган ер майдонларини ўзлаштириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, тумандаги "Уч Қарағай" МЧЖ пахтачилик кластери ҳамда хитойлик инвесторлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳа бунинг амалий ифодасидир.
Бугунги кунда лойиҳа доирасида чўл ҳудудларидаги қарийб 2 минг гектар майдонда пахта Шинжон усули асосида етиштирилмоқда. Экин майдонларида сувни тежовчи томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, барча агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда амалга оширилмоқда. Ҳозирда пахталар гуллаш босқичига кирган бўлиб, бу келгусида мўл ҳосил етиштириш учун муҳим омил ҳисобланади.
Мазкур лойиҳа Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари давомида эришилган келишувлар асосида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг амалий самарасидир. Хитойнинг илғор тажрибаси ва замонавий агротехнологияларини жорий этиш орқали ерларнинг унумдорлигини ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда ҳосилдорликни сезиларли даражада кўпайтириш мақсад қилинган.
Ўтган йилда туманнинг Новметан ва Кунжиқалъа маҳаллалари ҳудудидаги Қумсултон чўл массивида 350 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштириш бўйича муваффақиятли тажриба синовдан ўтказилган эди. Эришилган ижобий натижалар ушбу лойиҳани кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратди ва бугунги кунда унинг кўлами бир неча баробар оширилди.
Мазкур инвестициявий лойиҳа нафақат фойдаланилмай ётган ерларни қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш, балки замонавий пахтачиликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда Бухоро туманининг аграр ва инвестициявий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.









