Работиқалмоқ маҳалласида замонавий мактабгача таълим маскани бунёд этилмоқда.
2026-08-01 16:45:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш, болажонлар учун замонавий, қулай ва хавфсиз таълим-тарбия муҳитини яратиш борасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Бухоро туманида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 393-сон қарори асосида Бухоро тумани Работиқалмоқ маҳалласида жойлашган 43-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ўрнида замонавий лойиҳа асосида 120 ўринли янги бино барпо этилмоқда.
Мазкур мактабгача таълим ташкилотининг аввалги биноси ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган бўлиб, йиллар давомида фойдаланиш натижасида таъмирталаб ҳолатга келган эди. Шу боис ҳудудда болажонлар учун замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга янги таълим масканини бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди.
Лойиҳа “PO‘LAT SUV QURILISH MONTAJ” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган бўлиб, қурилиш ишлари учун 5 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Янги бинода тарбияланувчилар учун замонавий гуруҳ хоналари, қулай тарбиявий ва маиший шароитлар, таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш учун зарур имкониятлар яратилиши кўзда тутилган.
Мазкур бунёдкорлик лойиҳаси фойдаланишга топширилгач, Работиқалмоқ маҳалласидаги болажонлар учун замонавий, хавфсиз ва қулай таълим муҳити яратилади. Бу эса мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Бухоро туманида ижтимоий соҳа объектларини янгилаш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда келажак авлод учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган.









