Ёшлар ва тадбиркорлик: янги имкониятлар сари очиқ мулоқот
2026-07-31 18:30:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда ўз бизнес ғояларини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий ва амалий кўмак кўрсатиш орқали янги иш ўринларини яратиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда.
Шу мақсадда “Агробанк” АТБ Бухоро туман филиалида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мулоқот давомида ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, мавжуд бизнесини кенгайтириши, янги лойиҳаларни амалга ошириши ва даромадли фаолият билан шуғулланиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Очиқ мулоқотда ёшларнинг бизнес бошлашга бўлган қизиқиши, уларни тадбиркорликка жалб этишнинг самарали йўллари, молиявий саводхонлигини ошириш, кредит ва бошқа молиявий хизматлардан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди. Ёшлар томонидан ўзларини қизиқтирган саволлар ўртага ташланиб, мутахассислар томонидан уларга батафсил жавоблар берилди.
Тадбирда, айниқса, тадбиркорлик фаолиятини эндигина бошламоқчи бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳа ва ташаббусларини амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш, бизнес юритиш кўникмаларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди. Зеро, ёшнинг битта яхши ғояси нафақат унинг ўзига, балки келгусида бошқа фуқаролар учун ҳам янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши мумкин.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мутахассислардан бевосита тавсиялар олиш, бизнес ғояларини муҳокама қилиш ва келгусидаги режаларини белгилаб олиш имкониятига эга бўлдилар.
Бундай учрашувлар ёшларнинг ташаббускорлигини ошириш, уларни мустақил даромад манбаига эга бўлишга ундаш, тадбиркорликка бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар орасида янги бизнес лойиҳаларини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот уларнинг муаммо ва таклифларини бевосита эшитиш, ҳар бир ташаббусга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда.
Бугун Бухоро туманида ўз бизнесини бошлаш истагидаги, янгиликка интилувчан ва ташаббускор ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, билим ва меҳнатини тадбиркорлик билан уйғунлаштирган ёшлар нафақат ўз келажагини, балки ҳудуд иқтисодий тараққиётини ҳам янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.








